**«Сайёр суд» — ёшлар учун муҳим ҳаёт сабоғи**
2026-07-09 12:00:00 / Янгиликлар
Қувасой шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида «Сайёр суд» мажлиси ташкил этилди.

Тадбир аввалида Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда масъуллар ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Суҳбат давомида ёшларни турли жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан йироқ бўлишга, қонунларга ҳурмат руҳида яшашга ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга чақирдилар.
Шундан сўнг «Сайёр суд» мажлиси бўлиб ўтди. Унда кўриб чиқилган иш мисолида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг инсон тақдири, оиласи ҳамда жамият ҳаётига кўрсатадиган салбий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Ёшлар суд жараёнини бевосита кузатиш орқали қонунбузарликларнинг оғир оқибатлари, ҳуқуқий жавобгарлик ва жазо муқаррарлиги ҳақида амалий тасаввурга эга бўлдилар. Таъкидланганидек, ҳар бир ёш ўз келажагига масъулият билан ёндашиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда жамиятда муносиб ўрин топишга интилиши лозим.
Бундай тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан асраш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.



