Хитой инвестицияси асосида янги текстиль лойиҳаси амалга оширилади
2026-07-01 14:00:00 / Янгиликлар
Қувасой шаҳрида саноат салоҳиятини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган навбатдаги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов Хитойнинг "YIMI DEING TEXTILE" МЧЖ корхонаси раҳбари Лю Цюли билан учрашиб, Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган янги инвестиция лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борди.
Маълум қилинишича, хитойлик инвестор томонидан Қувасой шаҳридаги Эркин иқтисодий зона ҳудудидан ер майдони харид қилинган бўлиб, айни пайтда корхона биносининг қурилиш ишлари бошланган.
Янги корхонада текстиль маҳсулотлари учун ишлатиладиган трикотаж ипларини бўяш фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Лойиҳа нафақат ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш, балки маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам хизмат қилади.
Мазкур инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 100 нафарга яқин фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланиши кутилмоқда.


