Қувасой шаҳрида замонавий мастер-режа: тараққиётнинг янги босқичи
2026-01-19 10:00:00 / Янгиликлар
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида Қувасой шаҳрининг 100 гектардан ортиқ ҳудудини қамраб олган замонавий мастер-режани ишлаб чиқиш бўйича иккинчи босқич тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари фаол иштирок этдилар. Тақдимот давомида шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мастер-режалар бўлими бошлиғи Шамсиддин Шарипов, вазирлик мутахассиси Хамидхон Хошимов, шунингдек, Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов иштирок этиб, лойиҳа аҳамияти ва кутилаётган натижалар юзасидан фикр билдирдилар.
Шунингдек, мастер-режани ишлаб чиқишда иштирок этаётган Туркиянинг “PAL” лойиҳа компанияси вакиллари — компания раҳбари Эсен Жаглар, иқтисодчилар Эмре Коюнжу, Али Сами Сечкин ва Сенанур Яман томонидан амалга оширилаётган ишлар, халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилаётган ечимлар тақдим этилди.
Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад — Қувасой шаҳрида замонавий туризм масканларини барпо этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини оқилона жойлаштириш, шунингдек, Реновация дастури доирасида маънан эскирган бино ва иншоотларни янгилашдан иборат.
Мазкур мастер-режа Қувасой шаҳрининг келгуси ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.










