ҲУҚУҚ, ТАРИХ, ТАРАҚҚИЁТ
2025-04-18 18:20:00 / Ҳуқуқий маълумотлар

Ўзбекистон дунё тамаддунида энг қадимги маданият маракзларидан бири бўлибгина қолмай,унинг сиёсий-ҳуқуқий институтлари бешикларидан бири саналади. Бу ерда давлат ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиши қонуниятлари ва тарихи Юнонистон ва Хитой каби қадимий давлатларники билан бир қаторда туради.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ўрта асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразм каби кучли давлатлар ва уларнинг ўзига хос ҳуқуқ тизимлари мавжуд бўлган, ушбу давлатларда судлар (қозилик) фаолиятига катта эътибор қаратилган.
Ҳусусан, қозиул-қуззот лавозими жорий этилган бўлиб, у судьяларнинг энг юқори лавозими ҳисобланган ҳамда барча ҳудудий даражадаги қозиларнинг фаолиятини бошқарган.
Аббосийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида халқ таниши ва ҳурмат кўрсатиши мақсадида судьялар учун махсус либослар жорий этилган, судларда ишларни кўриб чиқиши учун зарур бўлган барча материалларни тўплаб берувчи “Сахиб-ул масаил” лавозими ҳам жорий этилган.
Қорахонийлар сулоласи даври ўзининг алоҳида ўрни ҳамда аҳамиятига эга. Улар ҳукмронлигида ўтган йилларда ҳеч бир шахс қонуний асос ва далилларсиз жазоланмаслиги қаттиқ назорат қилинган, судлардан барча ҳукмлар фиқҳга тўлиқ асосланган бўлиши талаб этилган.
Ҳукмдор Маҳмуд Тамғачхон даврида ҳуқуқ юксак даражада ривожланган кўплаб манбаларда ўз аксини топган. У суднинг ҳукмисиз жиноятчилар жазоланиши ва мулкининг олиб қўйилишига қарши бўлган. Юртда қонун устуворилигига эришиш учун ислоҳотлар амалга оширилган, хусусан, ушбу даврда ҳоқон томонидан тайинланган беклар жамоат тартибини сақлаш, суд ҳукмларининг ижросини таъминлаш билан бирга, урф-одатларининг бажарилишини ҳам назорат қилган.
Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, Самарқанддаги деворларга ҳуқуқбузарлар томонидан “Биз пиёзга ўхшаймиз, қанча кесишса ҳам бари-бир қайта ўсиб чиқаверамиз”, деб ёзилган сўзларга нисбатан қуйидагича матн ёздирган “Мен дуҳқон каби қаерда пайдо бўлманг, сизларни илдизингиз билан юлиб ташлайман”. Бундан кўриниб турибдики, қонун устуворлигини таъминлаш учун қаттиқ курашилган.
Қорахонийлар даврида ҳуқуқий илмга ҳам катта эътибор қаратилган ва бунинг натижасида катта фиқҳшунослар жамояси шаклланган. Улар 20 дан ортиқ фатво (қоидалар) жамланмасини ишлаб чиққан ва 350 дан ортиқ фиқҳга оид асарлар ёзишган.
Ҳуқуқшунослар нафақат давлат ишларини юритишда иштирок этган, балки дипломатик фаолиятда элчи, ўта муҳим ишларни ҳал этишда маслаҳатчи сифатида қадрланган.
Бурҳониддин Марғиноний ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қўлланадиган ҳуқуқий манба яратган бўлиб, унда ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда қозининг мажбуриятларига алоҳида эътибор берилган. Жумладан, “Ҳидоя” асарида “Қозининг мақоми” деб номланган махсус бўлим бўлиб, унда шариат судлари – қозиларнинг бурч ва мажбуриятлари, уларга берилган ваколатлар, қўйилган талаблар ҳукм чиқариш қоидалар каби масалалар ўз ифодасини топган. Қозилар ҳукмдор томонидан тайинланадиган шахслар бўлиб, уларга шариат илмини яхши билиш, озод шахс бўлиш, мустақил қарорлар қабул қила билиш, адолат тарафдори бўлиш, ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиш ҳамда ақли расо шахс бўлиш каби талаблар қўйилган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланиши ҳамда осойишталиги таъминланиши учун жамиятда адолат ўрнатилиши лозим.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси У.Панжиев
