Белгиланган ишлар якуний босқичда: 4Р-101 йўли янгиланмоқда
2026-06-18 16:10:00 / Янгиликлар

Қумқўрғон туманидан ўтувчи 4Р-101 автомобил йўлининг 0–7 км қисмида кенг кўламли қайта қуриш ишлари белгиланган режа асосида изчил олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиб, йўл инфратузилмасини яхшилаш, транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолига қулай шароит яратишга қаратилган.
Лойиҳа доирасида автомобил йўли бўйлаб жойлашган 3 та кўприк тўлиқ қайта қурилди. Техник ҳолати замон талабларига жавоб бермаган эски кўприклар демонтаж қилиниб, уларнинг ўрнида мустаҳкам, замонавий ва хавфсизлик талабларига мос янги кўприк иншоотлари барпо этилди.
Шунингдек, автомобил йўлининг 3 км қисмида асфалт қопламасини ётқизиш ишларининг биринчи босқичи якунланди. Ҳозирги кунда эса белгиланган иш режаси асосида асфалт ётқизиш ишларининг навбатдаги босқичи жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Қайта қуриш ишлари якунлангач, мазкур йўл қисми бўйлаб ҳаракатланиш хавфсизлиги ва қулайлиги янада ошиб, ҳудуд транспорт инфратузилмасининг ривожига хизмат қилади.






