Ёшлар ўртасида спорт мусобақалари бошланди
2026-05-16 09:00:00 / Янгиликлар

Қумқўрғон тумани ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа органлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган ёшлар ўртасида спорт мусобақалари кўтаринки руҳ ва юқори кайфиятда бошланди. Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Н.Алланазаров очиб бериб, иштирокчиларга омад ва муваффақият тилади.
Мусобақалар футбол, волейбол, шахмат ҳамда стол тенниси спорт турлари бўйича ташкил этилиб, унда туманнинг фаол, ташаббускор ва спортсевар ёшлари фаол иштирок этмоқда.
Спорт баҳслари давомида ёшлар ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат руҳида куч синашиб, ўз салоҳияти ҳамда маҳоратини намоён қилмоқда.
Мазкур мусобақаларнинг асосий мақсади — ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спортга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.
Шунингдек, спорт мусобақалари орқали ёшлар қалбида ватанпарварлик, жамоавийлик, интизом ва қатъият каби муҳим фазилатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


