Қумқўрғон бир гуруҳ оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишонлари топширилди
2026-05-15 13:00:00 / Янгиликлар

15-май — Халқаро оила куни муносабати билан Қумқўрғон туманида ҳам маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими Фаррух Холиқов ҳамда туман раҳбарлари иштирокида жамиятда ўзининг аҳиллиги, фарзандлар тарбиясига бўлган эътибори, меҳнатсеварлиги ва намунали турмуш тарзи билан бошқаларга ибрат бўлиб келаётган бир гуруҳ оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишонларини тантанали равишда топширди.
Таъкидланганидек, оиладаги соғлом муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат жамият барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилавий анъаналарни асраб-авайлаш ва мустаҳкам оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Маълумот учун, жорий йилда Қумқўрғон туманида фаровон ва барқарор оилавий муҳитни шакллантириш, оилавий қадриятларни кенг тарғиб этиш ҳамда ўзининг ҳаётий тажрибаси билан бошқаларга намуна бўлиб келаётган 9 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилди.
Тадбир якунида нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари томонидан юртимиздаги тинчлик-осойишталик, оилалар фаровонлиги ва ёшлар камоли йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларга юксак баҳо берилди.



