Аҳоли мурожаатларига амалий ечим
2026-05-15 10:00:00 / Янгиликлар

“Юксалиш” маҳалла аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар бугун амалий ечим топмоқда. Аҳоли мурожаатлари ва ҳудуддаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, электр тармоқларини янгилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, туман ҳокими Фаррух Холиқовнинг топшириғига асосан маҳалладаги эскирган ва фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган ёғоч электр устунлари ўрнига 45 дона янги бетон устун олиб келиниб, туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, электр узатиш тармоқларини тартибга келтириш ва аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш юзасидан ҳам зарур техник ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур бунёдкорлик ишлари орқали ҳудуддаги электр таъминоти сифати яхшиланиб, электр энергиясидаги узилишлар камайиши, аҳолининг кундалик турмуш шароити янада қулайлашиши кутилмоқда. Айниқса, куз-қиш мавсумида электр тармоқларидаги юкламаларни барқарор ушлаб туриш ҳамда хавфсизликни таъминлашда янги бетон устунлар муҳим аҳамият касб этади.
Ҳудудда олиб борилаётган бу каби амалий ишлар аҳоли муаммоларини тизимли ҳал этиш, инфратузилмани модернизатсия қилиш ҳамда фуқаролар учун муносиб яшаш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.


