Қумқўрғон туманида қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари муваффақиятли якунланди
2026-05-14 13:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 12–14-май кунлари Қумқўрғон туманида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида кенг кўламли қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Мазкур ўқув машғулотлари давомида фавқулодда ҳолатларда тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракат қилиш, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш, аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш ҳамда масъул хизматларнинг амалий тайёргарлик даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотлар жараёнида турли шартли фавқулодда вазиятлар асосида амалий синовлар ўтказилиб, фавқулодда вазиятларда аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуатсия қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғинларни бартараф этиш, қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш ҳамда тегишли хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалий жиҳатдан синовдан ўтказилди.
Шунингдек, машғулотлар давомида тезкор қарор қабул қилиш, ахборот алмашинуви, махсус техника ва воситалардан самарали фойдаланиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартиби бўйича мутасадди ташкилотларнинг салоҳияти яна бир бор мустаҳкамланди.
Хусусан, бугун қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларининг якуний муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда машғулотлар давомида амалга оширилган ишлар батафсил таҳлил қилиниб, эришилган натижалар сарҳисоб қилинди. Йўл қўйилган айрим камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида машғулотларда фаол, ташаббускор ва намунали иштирок этган ташкилотлар, хизматлар ҳамда мутахассисларнинг самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди. Уларга Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ҳамда Қумқўрғон тумани ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ҳудудларда фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтириш, ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тезкор хизматларнинг амалий кўникмаларини ошириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.



