Оила ва хотин-қизлар тизими ходимлари учун амалий ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда
2026-05-14 12:00:00 / Янгиликлар

Туманимизнинг “Улуғбек” маҳалласида жойлашган 3-сонли техникум биносида ташкил этилган ўқув-малака курслари Республикадан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар ҳамда малакали мутахассислар томонидан олиб борилмоқда.
Мазкур ўқув-малака курслари хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда соҳада ягона ва самарали иш тизимини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Машғулотлар давомида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, муаммоли ҳолатлар билан ишлаш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш ҳамда маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш бўйича муҳим тавсия ва тушунчалар берилмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, ҳудудларда учраётган муаммолар ва уларнинг амалий ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, келгусидаги вазифалар бўйича таклифлар ишлаб чиқишмоқда.
Ўқув жараёнларининг амалий ва интерактив тарзда ташкил этилаётгани иштирокчиларнинг соҳага оид билимларини мустаҳкамлаш, касбий салоҳиятини ошириш ҳамда жойларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.



