Қумқўрғон туманида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ишлар давом этмоқда
2026-05-12 13:00:00 / Янгиликлар

Бугун Қумқўрғон туманида туман ҳокими Фаррух Холиқов бошчилигида “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган ҳамда моддий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида навбатдаги амалий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбир давомида тумандаги 300 нафар эҳтиёжманд оилага турли йўналишларда даромад манбаини яратиш ва бандлигини таъминлаш бўйича ссуда асосида асбоб-ускуналар топширилди. Хусусан, хонадонларга, пайвандлаш аппаратлари, бензопилалар, тикув машиналари ҳамда бошқа турдаги зарур жиҳозлар тарқатилди.
Таъкидланганидек, ушбу ташаббусдан асосий мақсад — туманда камбағаллик даражасини қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш, оилаларнинг даромад топиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Тадбир давомида масъуллар томонидан фуқаролар билан мулоқот қилиниб, улардан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича тавсиялар берилди.
Бугунги кунда Қумқўрғон туманида аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.



