Аҳоли учун қулайликлар кенгаймоқда: сув ва канализатсия тизими янгиланади
2026-05-01 09:55:00 / Янгиликлар

Қумқўрғон туманида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Туркия давлатининг “Арт Çевре Текноложилери / ПОСЕİДОН Çевре Сосял Данışманлıк Мüҳендислик” компанияси лойиҳачилари туман марказидаги 11 та маҳаллани ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда 7 та маҳаллада оқова сув иншоотлари я'ни канализатсия тармоқларини қуриш доирасида фуқаролар билан суҳбатлашди.
Дастурга кўра, Янги шаҳар, Боғаро, Дўстлик, Нефтчилар, Азларсой, Бешқаҳрамон, Улуғбек, Сурхон соҳили, Тўғон, Жийдали ҳамда Навбаҳор маҳаллаларида ичимлик суви таъминоти тўлиқ йўлга қўйилади. Бунинг учун "Тўпаланг" дарёси орқали туманимизга етказиб берилаётган марказлашган ичимлик суви орқали жами 45,5 км узунликда сув тармоқларини тортиш режалаштирилган.
Шунингдек, Янги шаҳар, Боғаро, Дўстлик, Нефтчилар, Азларсой, Бешқаҳрамон ҳамда Улуғбек маҳаллаларида оқова сув иншоотлари я'ни канализатсия тармоқларини барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, ушбу йўналишда 36,2 км тармоқ қурилиши режалаштирилган.
Суҳбат давомида ичимлик суви ва канализатсия тизимини барпо этишнинг аҳоли турмуш шароитига таъсири, экологик ҳолатни яхшилаш, санитария талабларига жавоб берувчи инфратузилмани яратиш ва тоза ичимлик суви масалалари ҳақида сўз юритилди.
Мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолига қулай ва замонавий коммунал хизматлар кўрсатиш сифати ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


