“Пайшанба – ёшлар куни” доирасида Раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
2026-04-02 13:00:00 / Янгиликлар

Қумқўрғон туманида “Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” Янги шаҳар маҳалласида юқори савияда ташкил этилди. Мазкур учрашув ёшлар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилди.
Унда туман ҳокими Ф.Холиқов, туман ИИБ бошлиғи М.Амантураев ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Б.Абдимўминов иштирок этиб, ёшлар билан очиқ ва самимий суҳбат олиб бордилар.
Учрашув аввалида давра суҳбати ташкил этилиб, унда ёшларнинг бугунги кундаги ўрни, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қийнаётган долзарб масалалар, мавжуд муаммолар, шунингдек, турли таклиф ва ташаббусларини эркин баён этдилар. Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, замонавий ва талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокаманинг асосий йўналишига айланди.
Шунингдек, ёшлар томонидан спорт майдончалари қуриш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, ахборот технологиялари йўналишида бепул ўқув курсларини кўпайтириш каби таклифлар ҳам илгари сурилди.
Билдирилган ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан атрофлича ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли соҳа мутасаддиларига аниқ топшириқлар берилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари бўйича қисқа муддатларда амалий натижага эришиш чораларини кўриш белгиланди.
Мазкур учрашув очиқлик ва ўзаро ишонч руҳида ўтиб, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифаларни белгилашга хизмат қилди.



