“Пайшанба – ёшлар куни” доирасида Раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
2026-03-26 12:00:00 / Янгиликлар

Қумқўрғон туманида “Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” Дўстлик маҳалласида ташкил этилди. Унда туман ҳокими Фаррух Холиқов иштирок этиб, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борди.
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қийнаётган долзарб масалалар, мавжуд муаммолар, шунингдек, турли таклиф ва ташаббусларини эркин баён этишди. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, замонавий ва талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокаманинг асосий йўналишига айланди.
Билдирилган ҳар бир мурожаат эътибор билан тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли соҳа мутасаддиларига аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Мазкур учрашув очиқлик ва ўзаро ишонч руҳида ўтиб, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланишига хизмат қилди.


