Қумқўрғон деҳқон бозорида ярмарка фаолияти ва рақамлаштириш жараёнлари ўрганилди
2026-03-19 11:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз топшириқлари ижроси ҳамда муборак Рамазон ойи муносабати билан Қумқўрғон туманидаги деҳқон (озиқ-овқат) бозорида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси самарали ташкил этилиб, аҳолига қулай ва мақбул шароитлар яратилмоқда.
Шу билан бирга, бозорларда савдо жараёнларини тартибли, хавфсиз ва шаффоф ташкил этиш мақсадида рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Замонавий тизимларни жорий этиш орқали савдо самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, туман ҳокими Ф.Холиқов, туман прокурори Ш.Акрамов, туман ИИБ бошлиғи М.Амантураев ҳамда туман Солиқ бўлими бошлиғи Б.Турдиевлар раҳбарлигида бозорда амалга оширилаётган ишлар ҳолати жойида ўрганилди. Жараёнда ситуатсион марказ фаолияти, рақамлаштириш босқичлари, эришилган натижалар ҳамда тушум кўрсаткичлари юзасидан масъуллар ахбороти тингланди.
Шунингдек, Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган ярмарка фаолияти, яратилган шарт-шароитлар, санитария-эпидемиологик ҳолат ҳамда савдонинг тартибли ташкил этилиши атрофлича кўздан кечирилди.
Ўрганиш якунида ярмарка фаолиятини янада кенгайтириш, аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни барқарор ва мақбул нархларда етказиб бериш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда бозорда тартиб ва шаффофликни мустаҳкамлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.


