"Маромийлик" лойиҳаси: тўй ва маросимларда меъёр, барака ва эзгуликни кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар давом этмоқда
2025-12-12 11:20:00 / Янгиликлар

Юртимизда сўнгги йилларда тўй ва маросимларни тартибга солиш, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка чек қўйиш, оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи аниқ ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳукумат қарорига мувофиқ йўлга қўйилган “Маромийлик” лойиҳаси ана шу саъй-ҳаракатларнинг негизини ташкил этиб, бугун мамлакат бўйлаб кенг тарғиб қилинмоқда.
Шу мақсадда Қумқўрғон тумани 69-сонли Маданият марказининг фаоллар залида лойиҳанинг навбатдаги тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари, туман Адлия бўлими раҳбари, шунингдек Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси туман раҳбари иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашувда тумандаги тегишли идора ва ташкилотлари ходимлари, оқила аёллар, зиёлилар, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари қатнашдилар. Суҳбат жараёнида бугунги кунда тўй ва маросимларни миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ меъёрлари ҳамда жамият манфаатларига мос равишда ташкил этиш, исрофгарчилик ва дабдабага берилмаслик, маросимларни ихчам ва мазмунли ўтказиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.





