Фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатлар
2025-09-10 10:20:00 / Янгиликлар

Фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатлар
Фуқаролик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тизимининг асосий соҳаларидан бири бўлиб, мамлакатимизда босқичма-босқич бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш даврида иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, фуқаролар ва бошқа субъектларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш мақсадида мулкий муносабатларни тартибга солиш ва мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборат.
Фуқаролик ҳуқуқи билан тартибга солинадиган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 2-моддасида белгилаб қўйилган.
Бунинг асосида, фуқаролик муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолати, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг ҳамда интеллектуал фаолият натижасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асослари ҳамда уларни амалга ошириш тартиби белгиланади, шартнома мажбуриятлари ва бошқа мажбуриятлар, шунингдек, бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатлар тартибга солинади.
Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчилари бўлади.
Агар Қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фуқаролик қонунчилигида белгилаб қўйилган қоидалар чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл юридик шахслари иштирокидаги муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Шахсий номулкий муносабатлар ва мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий муносабатлар, агар қонунларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ёки бу муносабатларнинг моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинади. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларига жавоб берадиган оилавий муносабатларга ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонунчилиги ушбу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади.
Бир томоннинг иккинчи томонга маъмурий бўйсунишига асосланган мулкий муносабатларга, шу жумладан солиқ, молиявий ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонунчилиги қўлланилмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда ушбу муносабат иштирокчиларининг тенглиги принципи асосий ўрин тутиб, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари бир-бирига нисбатан қарам, қарам бўлмаган субъектлар ҳисобланади ва фуқаролик ҳуқуқларининг вужудга келиши, амалга оширилиши ва ҳимоя қилинишида қонунга кўра тенг ва мустақил деб эътироф этилади.
Ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг бундай тенглиги уларнинг субъектив фуқаролик ҳуқуқларининг тенглигини англатмайди, балки унинг эгалари учун бундай ҳуқуқлар вужудга келиши, ўзгартирилиши, бекор бўлиши ва уларни бузганлик учун жавобгарликда тенглигини назарда тутади.
Фуқаролик қонун ҳужжатларининг предмети ҳисобланадиган ушбу муносабатларда уларнинг иштирокчиларини фуқаролик қонун ва суд олдида тенглигини уларнинг моддий ва ижтимоий тенгсизлигидан ҳамда ташкилий жиҳатдан бир-бирига қарам, тобелигидан қатъи назар амал қилади ва бу шахслар хатти-ҳаракатларига фуқаролик-ҳуқуқий таъсир кўрсатиш усулига хосдир. Фуқаролик ҳуқуқи субъектларининг ҳеч бири бошқасига буйруқ беришга ҳақли эмас.
Бу тамойилларнинг энг муҳими мулк дахлсизлиги бўлиб, энг аввало мулкдор томонидан ўз мол-мулкидан қонунда тақиқланмаган ҳар қандай мақсадларга эришиш учун ўзининг шахсий хоҳиш-иродаси асосида фойдаланиш имкониятида намоён бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда уларнинг иштирокчилари ҳуқуқлари янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг фақат қоғозда эмас, амалда ижросини таъминлаш учун судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик фаолият олиб боргандагина ўзининг ижобий самарасини беради.
Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг судьяси
Н.А.Акимниязов
