РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2025-07-16 15:00:00 / Янгиликлар

РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларнинг бирида Қўнғирот тумани “Кўкдарё” овул фуқаролар йиғинида рўйхатда турувчи фуқаро Д.Г. ва унинг фарзанди (ўғли) Д.Б. томонидан турар жой сотиб олиш учун кредит ажратилмаётганидан норози бўлиб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисига йўллаган видеомурожаати тарқалди. Фуқаро Д.Г. 1960 йилда туғилган, ҳозирги вақтда пенсияда. Бугунги кунда ўғли Д.Б. келини (ўғлининг турмуш ўртоғи) У.Р. ҳамда 3 нафар невараси билан яшайди.
(Маълумот учун: Ўғли Д.Б. 1988 йилда туғилган, аввал Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги хусусий тадбиркорлик субъектида норасмий тарзда ишлаган, ҳозирда Қашқадарё вилоятида қурилиш соҳасида фаолият юритмоқда, Келини У.Р. 1988 йилда туғилган, Қўнғирот туманидаги бозорда нон сотувчи сифатида норасмий ишлаб келмоқда)
Ушбу оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги ижтимоий, моддий ва молиявий ёрдамлар кўрсатилган:
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномасига асосан
АТБ “Агро банк” туман филиали томонидан 2022 йилда ўғли Д.Г.га тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун имтиёзли кредит ажратилган;
2023–2024 йиллар куз-қиш масумида кўмир, шунингдек
2 маротаба озиқ-овқат (ун, ёғ, гўшт ва бошқа) маҳсулотлари берилган;
2024 йилда фуқаро Д.Г.нинг келини, яъни ўғли Д.Б.нинг турмуш ўртоғи У.Р. “Ишга марҳамат” мономарказида сартарошлик касбига бепул ўқитилган.
Фуқаро Д.Г.нинг мурожаатида келтирилган важлар бўйича:
Фуқаро Д.Г. ўзининг оила аъзолари — ўғли, келини ва 3 нафар невараси билан Қўнғирот туманидаги “Кўкдарё” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қариндошига тегишли турар жойда яшаб келган.
Бироқ 2025 йил 28-май куни юзага келган шахсий келишмовчиликлар сабабли ушбу уйни тарк этган. Ҳозирда эса тумандаги “Раушан” маҳалласида жойлашган, бугунги кунда сотувда турган турар жойда мулкдор билан ўзаро ижара келишуви асосида вақтинча яшаб келмоқда.
Фуқаро Д.Г. ҳозирда ижарада яшаётган уйини сотиб олиш учун ўғли Д.Б.нинг номига АТБ “Агро банк” туман филиалидан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга ажратиладиган “Маҳалла лойиҳаси” кредит пакети бўйича 50,0 млн. сўм микроқарз ажратишни сўраган.
Ушбу мурожаат АТБ “Агробанк”нинг туман филиали томонидан кўриб чиқилиб, қуйидагиларни маълум қилган:
Фуқаро Д.Б. томонидан 2022 йилда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида олган 33,0 млн. сўм имтиёзли кредитдан мақсадсиз фойдаланиб, кредит суммаси умуман қайтарилмаганлигини ва бугунги кунда қарздорлик (пеня ҳисобланган) 39,0 млн.сўмдан ошганлиги сабабли унга қўшимча кредит ажратиш рад этилганлиги;
Кейинчалик фуқаро Д.Г. янги кредитни келини У.Р. номига расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилганлигини;
Ушбу кредитни расмийлаштириш жараёнида фуқаро Д.Г. томонидан 11 нафар шахснинг ҳужжатларини кафил сифатида тақдим этганлигини, улардан 8 нафари тижорат банклари олдидаги мавжуд қарздорлиги ва бошқа сабабларга кўра рад этилган. Қолган
3 нафар фуқаро Тенгелова Манзура Қалмурза қизи, Асаматдинов Гафур Рустемович ва Жарқинбаев Жандарбек Адилович скоринг текширувидан муваффақиятли ўтган бўлсада Жарқинбаев Жандарбек Адилович шахсий сабабларга кўра кафиллик беришдан бош тортган.
Юқоридаги ҳолатларга асосан, банк томонидан кафиллик беришга розилик билдирган икки нафар фуқаронинг кафиллигига асосан кўпи билан 30 млн. сўм миқдорида кредит ажратиш мумкинлигини, бироқ ушбу икки фуқаро ҳам турли сабаблар туфайли кафиллик шартномасини имзолашга келмаганлигини, кафиллик берувчилар томонидан кафиллик шартномаси имзоланса уч кун муддатда кредит ажратилиши тўғрисида қонуний тартибда тушунтириш берилган. Фуқаро Д.Г. эса 30,0 млн. сўм кредитга рози эмаслигини, кредит суммасини 50,0 млн.га тўлдириш учун ҳокимлик ва банкдан қўшимча кафил топиб беришни талаб қилган.
Фуқарони қабул қилиш давомида банк кредитларини расмийлаштиришда кафиллик берадиган шахсларни таъминлаш ҳокимлик ва банк ваколатига кирмаслигини ҳамда ҳеч бир фуқарони мажбурий равишда кафилликка кўндиришга йўл қўйилмаслиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раислигида жорий йил 16-июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ҳокимлар ҳар куни ўз ишини биринчи навбатда фуқароларнинг дард-у ташвишларини эшитишдан бошлаши керак” деган топшириғига асосан 17-июнь кунидан бошлаб Қўнғирот тумани ҳокимлигида ҳар куни 08:00 дан 11:00 гача (якшанба кунидан ташқари) туман ҳокимининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилган.
Қабулда ҳокимлик ва туман ташкилотлари ваколатига кирадиган ҳамда қонуний ечими мавжуд бўлган муаммоларни жойида ҳал этиш, бошқа масалалар бўйича тушунтириш бериш, республика даражасида ечиладиган масалаларни умумлаштирган ҳолда республикага тақдим қилиш тизими йўлга қўйилган.
Қўнғирот тумани ҳокимлиги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бир мурожаатини Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқиш ва уларни имкон қадар ижобий ҳал этиш чораларини кўришни энг устувор вазифа сифатида белгиланганлигини маълум қиламиз.
