Оммавий ахборот воситаларининг конституциявий-ҳуқуқий асослари
2025-05-20 17:30:00 / Янгиликлар

Оммавий ахборот воситаларининг конституциявий-ҳуқуқий асослари
Бугунги кунда Ўзбекистонда бошқарувни либераллаштириш, давлат ва жамиятни модернизация қилиш, иқтисодиётни эркинлаштириш, адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёни ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада эркинлаштириш соҳасида ислоҳотлар давом этмоқда.
Ўзбекистонда ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги сезиларли даражада ўсиб, жамиятда очиқ мулоқот майдони яратилди. Жамоатчиликнинг дунёқараши шаклланган, қизиқишига сабаб бўладиган кенг кўламли масалалар бўйича жамоатчилик фикрининг пайдо бўлишида эса оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ўрни юқори.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддасида "Оммавий ахборот воситалари эркин ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгар. Сензурага йўл қўйилмайди" деб аниқ кўрсатиб ўтилган.
Ҳар қандай жамиятда ахборот ҳамиша мамлакат тараққиётининг кўзгуси, одамларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савияси шаклланишида асосий восита бўлиб хизмат қилиб келган. Бу ҳолат, айниқса, бугунги кундаги глобаллашув замонида ҳар қачонгидан ҳам кенг тарқалмоқда, ҳаётимизнинг бирор-бир соҳасини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қила олмаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёйев "Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш - бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, давлатимиз обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак" деб таъкидлаган эди.
Сўз ва матбуот эркинлиги, унинг ошкоралиги, ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш чинакам демократияни таъминлайди.
Асосий қонунимизнинг 33-моддасида "Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи хоҳлаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши маълумот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно" деб кўрсатиб ўтилган.
Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ёрдамида мустаҳкамланиши оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги, мустақиллигини амалда таъминлаш, улар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқни ривожлантиришга қаратилмоқда.
Сўғдиёна Абдинаимова.

