УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ
2025-05-08 11:00:00 / Янгиликлар

"УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ"
Ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларини босиб ўтган нуронийларимизнинг тажрибаси, ўгитлари ёшлар учун ибрат мактаби.
Президентимиз ташаббуси билан ёш авлодни тарбиялашда "устоз-шогирд" анъанасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларнинг орттирган тажрибасидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Шундай эзгу ишларнинг амалий давоми сифатида бугун Қўнғирот туманидаги Маданият саройида бўлиб ўтган "Уч авлод учрашуви"ни айтиб ўтиш ўринли.
Бутун онгли ҳаётини халққа хизмат қилишга бағишлаган, ҳалол меҳнати билан катта обрў-эътибор қозонган меҳнат фахрийси, "Дўстлик" ордени соҳиби Жарилқап Турсинбековнинг меҳнат йўли, халқ учун қилган эзгу ишлари ёшларга ибрат қилиб кўрсатилди.
Ўз навбатида Ж.Турсинбеков ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси билан бўлишиб, нуронийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўзининг кўнгилдан чиққан фикрларини билдирди.
Шунингдек, Халқ депутатлари Қўнғирот туман Кенгашининг депутатлари "Баркамол авлод" болалар маркази директори М.Матмуратова ва "Мингжарган" МФЙ ҳоким ёрдамчиси, "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони соҳиби А.Хасановлар ҳам бугунги эркин ва обод жамиятимиз, фаровон ҳаётимиз, буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар натижаси эканлигини таъкидлаб, ёшларни илмли, билимли бўлишга, тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашга чақирди.
Учрашувда туман ҳокимининг ўринбосарлари А.Мамутов ва Ж.Аметова, бир қатор нуронийлар ва фаол ёшлар
сўзга чиқиб, юртимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, ёшларнинг бахтли келажагини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам эканини таъкидлади.
Тадбирнинг фаол иштирокчиларига китоблар совға қилинди.Концерт дастуридан ўрин олган жўшқин куй-қўшиқлар йиғилганларга олам-олам завқ бағишлади.









