Қаршида “Бунёдкор” нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди
2025-08-27 17:25:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида замонавий “Бунёдкор” нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. 6 миллиард сўмлик лойиҳа тадбиркор Лочинбек Саидов ташаббуси билан амалга оширилди.
Боғча замон талаблари даражасида жиҳозланиб, ёруғ ва шинам хоналар, ёзги ва қишки ўйингоҳлар билан таъминланган. Муассаса 200 нафар болажонни қабул қилиш имкониятига эга. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 30 та янги иш ўрни яратилди.
Мазкур боғчанинг ўзига хос жиҳати – болаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилишидир. Шу мақсадда муассасада тузли хона, массаж ва гидрованна хоналари, физиотерапия, логопед ҳамда психолог хоналари ташкил этилган. Шунингдек, рус ва инглиз тиллари, ментал арифметика, гимнастика ва таэквондо тўгараклари ҳам фаолият юритади. Бу эса болажонларнинг соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларига хизмат қилади.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Қарши шаҳар ҳокими, вилоят фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.









