Ҳокимлик ахборот хизматлари ходимлари учун тренинг ўтказилди
2025-05-22 21:00:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти ва унинг туман ҳокимликлари ахборот хизматлари ходимлари учун замонавий пиар ва коммуникация кўникмаларига бағишланган икки кунлик амалий тренинг бўлиб ўтди.
Қарши шаҳрида ташкил этилган тренинг “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди. Мазкур лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида, Ислом тараққиёт банки кўмагида амалга оширилмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий ахборот хизматлари ходимларининг замонавий ПР технологиялари, оммавий коммуникациялар ва ижтимоий тармоқларда ишлаш борасидаги билим ҳамда кўникмаларини оширишдан иборат.
Иштирокчилар расмий тадбирларни ёритишда фотосуратга олиш усуллари, ахборот жанрлари ва ижтимоий тармоқлар учун контент тайёрлаш, салбий фикрларга жавоб бериш методикаси, инқирозли вазиятларда ПР стратегиясини ишлаб чиқиш, ОАВ билан мулоқот қилиш ва интервью бериш кўникмалари каби йўналишларда амалий машғулотларда қатнашди.
Тренингда маъруза ва амалий машғулотлар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, филология фанлари доктори Наргис Қосимова ва университет катта ўқитувчиси Ҳусниддин Ато томонидан олиб борилди.
Мазкур ташаббус орқали ҳудудий ахборот хизматлари самарадорлигини ошириш, аҳолига тезкор ва аниқ ахборот етказиш тизимини такомиллаштириш мақсад қилинган.









