Қаршида “Хавфсиз маҳалла билимдони” кўрик-танловининг шаҳар босқичи ўтказилди
2026-10-20 15:45:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида “Хавфсиз маҳалла билимдони” интеллектуал кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Қарши шаҳар прокуратураси, шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳамда Маҳаллалар уюшмаси шаҳар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Беллашувда “маҳалла еттилиги” аъзоларидан ташкил топган жамоалар иштирок этиб, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ушбу йўналишдаги қонунчиликка оид билимларини синовдан ўтказдилар.
Танлов якунига кўра, “Зоғза” маҳалласи жамоаси учинчи, “Геолог” маҳалласи жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. “Маҳаллот” маҳалласи жамоаси эса барча рақибларидан устун келиб, биринчи ўринни қўлга киритди ҳамда танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмага сазовор бўлди.
Ғолиб жамоаларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай интеллектуал беллашувлар “маҳалла еттилиги” аъзоларининг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.









