Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва ободонлаштириш ишлари муҳокама қилинди
2026-10-17 09:35:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари Фахриддин Дўстмуродов раислигида шаҳарда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тегишли шаҳар ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва бошқарув сервис компаниялари масъуллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-тозалик ишларини кучайтириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш тадбирларини ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллалар ва кўчаларда, чиқинди тўплаш майдонларида, кўп қаватли уйлар атрофида тозалик ишларини амалга ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, бошқарув сервис компаниялари раҳбарларига кўп қаватли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, уйларнинг умумий фойдаланиш жойларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда мавсум давомида аҳолига қулай шароит яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ҳудудларда тозалик ва ободонликни таъминлаш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ва барқарор ўтказиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.



