Кичик фаолиятдан катта мақсадлар сари
2026-10-12 17:00:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳридаги Мустақиллик маҳалласида яшовчи тадбиркор Муҳаббат Раҳимова бундан тўрт йил аввал уй шароитида бошлаган фаолиятини бугун ишлаб чиқариш цехи даражасига олиб чиқди. Ҳозирда бу ерда 15 нафарга яқин хотин-қиз автомобиллар учун ғилофлар тикиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Маҳсулот турлари эса 8 тага етган.
Тадбиркор ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Шу боис яқинда Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев қабулида бўлиб, фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳа таклифларини тақдим этди ҳамда кредит маблағлари ажратилишида амалий ёрдам сўради.
Тадбиркорнинг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, АТ «Алоқабанк»нинг Қашқадарё вилояти филиали томонидан лойиҳани амалга ошириш учун зарур молиявий ресурслар ажратилиши белгиланди. Мазкур лойиҳа рўёбга чиқиши натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини кўпайтириш, фаолият кўламини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконияти янада ортади.
Бугун вилоят ҳокими ўринбосари З. Аминова ҳамда Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари М. Очилова тадбиркорлик субъектида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни ва мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Ўрганиш давомида тадбиркор аёлни қўллаб-қувватлаш, унинг ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Муҳаббат Раҳимованинг фаолияти хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллаларда янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.






