Қаршида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”
2026-07-31 09:10:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ва шаҳар прокурори Собиржон Темиров иштирокида навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот руҳида ташкил этилган учрашувда ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар, таклиф ва ташаббуслар атрофлича тингланди. Асосий эътибор доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларига қаратилди.
Учрашув давомида бир қатор ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 3 нафар ёшнинг олий таълим муассасасида таҳсил олиши учун шартнома тўловлари қоплаб берилди ва уларга тегишли ваучерлар топширилди.
Шунингдек, тадбиркорликка қизиқиш билдирган 2 нафар ёшга қандолатчилик фаолиятини бошлашлари учун микротўлқинли печлар топширилди. Бу эса уларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига хизмат қилади.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятга янада фаол жалб этиш мақсадида, муносиб хулқ-атвор намоён этган 8 нафар ёш Ёшлар ишлари агентлиги Қарши шаҳар бўлимининг тавсияси асосида профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Учрашув якунида шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев ёшларга мурожаат қилиб, ёшлик даврини самарали ўтказиш, мунтазам билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш ва ҳаётда аниқ мақсад сари интилиш ҳар бир йигит-қиз учун муваффақият гарови эканини таъкидлади.









