Қарши шаҳри делегацияси “Биродар шаҳарлар” халқаро форумида қатор халқаро ҳамкорлик учрашувларини ўтказди
2026-07-25 16:05:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Биродар шаҳарлар” халқаро форуми доирасида Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Ш. Ҳамзаев бошчилигидаги делегация фаол иштирок этмоқда.
Форум давомида Қарши делегацияси Озарбайжоннинг Ганжа шаҳри ҳокими Ниёзи Байрамов, Покистон пойтахти Исломобод шаҳри ҳокимининг молия масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммад Умайр ҳамда Сербиянинг Белград шаҳри ҳокими ўринбосари Весна Видович билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар чоғида шаҳарлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, инвеститсиявий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашувлар давомида Қашқадарё вилоятининг инвестициявий, саноат ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилиб, ҳудуднинг мавжуд имкониятлари ва хорижий ҳамкорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.



