“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
2026-07-02 21:45:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри ҳокимлигида “Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев, шаҳар прокурори Собиржон Темиров, таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилар, ота-оналар ҳамда битирувчи ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида шаҳарда таълим соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, 2025–2026 ўқув йилида Қарши шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларини 4092 нафар ўқувчи муваффақиятли тамомлади. Улардан 297 нафари олтин, 9 нафари кумуш медал соҳиби бўлди.
Шунингдек, шаҳар ёшларининг олий таълим йўлидаги муваффақиятлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Жумладан, 69 нафар битирувчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса, 192 нафар ўқувчи муддатидан аввал республика олий таълим муассасалари талабасига айланди.
Таълим сифати ва чет тилларини ўрганиш борасида ҳам юқори натижалар қайд этилди. Хусусан, шаҳардаги умумий ўрта таълим мактабларининг 983 нафар 9–10–11-синф ўқувчиси инглиз тили бўйича C1 ва B2 даражадаги халқаро ҳамда миллий сертификатларни қўлга киритди.
Тадбир давомида умумий ўрта таълим мактабларини аъло баҳолар ва юқори натижалар билан тамомлаган битирувчиларга олтин медаллар тантанали равишда топширилди.
Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев сўзга чиқиб, ёшларни қўлга киритган ютуқлари билан самимий табриклади. Ҳоким мамлакат тараққиёти билимли, ватанпарвар ва ташаббускор ёшлар билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаб, битирувчиларга келгуси ўқиш ва ҳаёт йўлида улкан зафарлар, юксак марралар тилади.
Тадбирда шаҳар прокурори Собиржон Темиров, фидойи ўқитувчилар, фахрли ота-оналар ва битирувчи ёшлар ҳам сўзга чиқиб, ёшларга билдирилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик изҳор этдилар ҳамда ўзларининг эзгу тилакларини баён қилдилар.









