Қаршида “Ёшлар боғи” фойдаланишга топширилди
2026-07-01 09:35:00 / Янгиликлар

30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Қарши шаҳрининг "Чўлқувар" маҳалласида барпо этилган замонавий “Ёшлар боғи”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Байрамона кайфият ҳукм сурган тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев, вилоят раҳбарлари, фаоллар, кенг жамоатчилик, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
«Ўктам Мустафо қурилиш савдо» МЧЖ ташаббуси билан ташкил этилган мазкур боғ ёшлар ва аҳоли учун замонавий дам олиш маскани сифатида барпо этилди. Ҳудуд декоратив чироқлар билан безатилиб, тунги пайтда ҳам ўзига хос файзли манзара касб этади. Бу ерда декоратив фавворалар, қулай ўриндиқлар, сайр йўлаклари барпо этилган бўлиб, болалар учун ўйин майдончалари ва спорт ихлосмандлари учун замонавий спорт майдонлари ташкил қилинган.
Тадбир давомида вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида боғ ҳудудига кўчатлар экилиб, келажак авлод учун янада яшил ва обод муҳит яратишга ҳисса қўшилди.
Байрам муносабати билан болажонларга ширинликлар ва музқаймоқлар улашилди. Қувноқ куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача байрамона руҳ бағишлади.
Янги ташкил этилган “Ёшлар боғи” нафақат ёшлар, балки маҳалла аҳолисининг ҳам мазмунли ҳордиқ чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун яна бир замонавий ва кўркам масканга айланди.









