“Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг Қарши шаҳар босқичи ўтказилди
2026-06-25 18:30:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳарда фаолият юритаётган 60 нафар ташаббускор тадбиркор хотин-қиз ўз бизнес лойиҳалари, ишлаб чиқариш фаолияти ва эришган ютуқларини намойиш этди.
Танлов якунларига кўра, фахрли 3-ўрин кўрпа ва кўрпача тикиш йўналишида фаолият юритаётган С. Йўлдошевага насиб этди. У миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида самарали меҳнат қилиб, 8 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаган.
Фахрли 2-ўрин миллий ҳунармандчилик соҳасида фаолият олиб бораётган Ҳ. Бўроновага берилди. Тадбиркор ўзбек халқининг бой маданий меросини акс эттирувчи дўппи ва чопонлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириб келмоқда.
Танловнинг бош соврини ва 1-ўрини миллий гиламчилик йўналишида фаолият юритаётган Д. Раҳмоновага насиб этди. У кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди. Тадбиркор раҳбарлик қилаётган корхонада миллий услубдаги гиламлар ишлаб чиқарилиб, 250 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланган. Бу эса унинг нафақат ишлаб чиқариш, балки аҳоли бандлигини таъминлашдаги салмоқли ҳиссасини кўрсатади.
Шунингдек, танлов доирасида “Энг намунали иш берувчи аёл”, “Энг фаол ҳунарманд аёл”, “Инновацион ғоялар муаллифи”, “Ёш тадбиркор аёл” ҳамда “Маҳалланинг энг фаол ишбилармон аёли” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди. Бундан ташқари, 12 нафар иштирокчи фаол иштироки учун ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.
Мазкур танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг бизнесдаги муваффақиятларини кенг тарғиб этиш ҳамда янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётган муҳим платформа сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.






