Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қонун қабул қилинди
2026-06-24 16:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1155 Қонуни имзоланди.
I. Қонун билан 3 та кодекс ва 5 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, жумладан:
1) коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилиши белгиланди;
Реестрга киритилган шахсларга қатор чекловлар белгиланиб, улар жумладан давлат хизматига кириши, сайланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиши, давлат харидларида қатнашиши тақиқланди.
2) Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноятлар кириши белгиланди.
3) Ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган янги институт – комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг қонуний асослари яратилди. Уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан ўрнатилди.
— тегишли ташкилот объектларига тўсқинликсиз кириш;
— зарур ахборот ва материаллар билан тўсқинликсиз танишиш;
— аниқланган коррупсиявий ҳолатлар юзасидан тақдимнома киритиш;
— мустақил ёки ишчи гуруҳ тузган ҳолда назорат ва текширишлар тадбирларини ташкил этиш;
— коррупсиявий омилларни аниқлаш учун шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, ҳодиса ва жараёнларни бевосита ёки билвосита кузатиш ва қайд этиш;
— тезкор-қидирув, терговга қадар текширув ва тергов органлари билан ҳамкорлик;
— фуқаролар билан ноошкора ҳамкорлик ўрнатиш;
— аниқланган ҳуқуқбузарлик материалларини тегишли органларга тақдим этиш.
4) Қонун билан коррупцияга қарши курашишда энг қуйи маиший коррупциядан тортиб, юқори даражадаги мансабдор шахслар орасидаги жиноятчиликка қарши амалий механизмлар белгиланди.
Идоранинг биринчи раҳбарида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳга раҳнамолик қилаётган деб ҳисоблаш учун етарли асос бўлганда, комплаенс бўйича ўринбосар юқори турувчи комплаенс хизмати билан келишган ҳолда: тегишли ҳужжат ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиши;
раҳбарнинг кадрлар ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки уни вазифадан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиши мумкин.
5) Комплаенс тузилмаларнинг мустақил ва таъсирчан ишлашини таъминлаш учун ушбу бўлинмалар ходимларининг хавфсизлик кафолатлари ўрнатилди.
— Уларга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин;
— Ходимнинг турар жойи, хизмат хонаси ёки транспортига кириш, кўздан кечириш, тинтув, ашё олиш, телефон сўзлашувини эшитиш, шахсий тинтув, хат-хабар ва ҳужжатларни олиш фақат Бош прокурорнинг ёзма рухсати билан амалга оширилади;
— комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимини, у хизматдан бўшатилганидан кейин икки йил ичида собиқ ходимини гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилишга, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга ва ушлаб туришга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори хабардор этилган ҳолда, белгиланган тартибда йўл қўйилади;
— Ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинади.
6) Комплаенс тузилмалари барча давлат органларида ташкил этилиб,
шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи тузилмаларнинг ўзида ҳам комплаенс-назорати тизими олиб борилади.
7) Комплаенс тузилмаларининг бутун фаолияти Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади.
Эндиликда коррупцияга қарши тарқоқ ҳолда курашиш эмас, ягона тизим асосида яхлит тузилма сифатида иш олиб борилади.
8) 5 турдаги коррупсион жиноятлар учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари қўлланилмаслиги белгиланди;
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (1), фирибгарлик (2) учун ҳукм қилинган ва етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган, шунингдек, такроран ёки хавфли рецидивист бўла туриб ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш (3), пора бериш (4), пора олиш-беришда воситачилик қилиш (5) жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан.
9) Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупсиявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилди;
Унда ҳар бир йўналиш бўйича жиноятчилик статистикаси, амалиёт таҳлили, аҳолининг муносабати, коррупцияга қарши курашиш сиёсати самарадорлиги каби маълумотлар акс эттирилади.
10) “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Qonunda Korrupsiyaga qarshi kurashish bo‘yicha milliy kengash, hududiy kengashlarning maqomi va vazifalari, Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligiga
8 ta yangi vazifalar belgilandi.
Mamlakatda korrupsiya holatini tizimli tahlil qilish, korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabatni shakllantirish bo‘yicha ijtimoiy sheriklik dasturlarini ishlab chiqish hamda amalga oshirish va b.
