Қарши шаҳридаги Президент мактабида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
2026-05-21 17:10:00 / Янгиликлар

Ёшлар куни муносабати билан Қарши шаҳридаги Президент мактабида ёшлар ва раҳбарлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри прокурори Собиржон Темиров, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Жонибек Эгамбердиев, шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Маҳмадмуродов ҳамда бошқа мутасаддилар қатнашди.
Ташриф давомида меҳмонлар Президент мактабида ўқувчилар учун яратилган замонавий шароитлар, инновацион таълим муҳити ва илғор ўқув жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, робототехника, IT ҳамда миллий ҳунармандчилик йўналишларидаги тўгаракларда ўқувчилар томонидан тайёрланган лойиҳалар, технологик ишланмалар ва қўл меҳнати маҳсулотлари катта қизиқиш билан кўздан кечирилди.
Шундан сўнг “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида ўқувчи-ёшлар билан самимий очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат давомида ёшларнинг келажакдаги мақсадлари, замонавий касбларга бўлган қизиқиши, инновацион ғоялари ва ташаббуслари ҳақида фикр алмашилди. Тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири ўқувчилар томонидан яратилган инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлди. Ёш ихтирочилар ўз ишланмаларининг имкониятлари, қулайликлари ва амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бериб, меҳмонларда катта таассурот қолдирдилар. Мазкур учрашув ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рағбатлантириш ҳамда келажакда юрт тараққиётига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилди.









