ҚАРШИ ШАҲРИ ҲОКИМИ НОРМЎМИН ХОЛБОЕВНИНГ ШАҲАР АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ
2026-05-20 14:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Муҳтарам қаршиликлар, азиз ота-оналар ва ёшлар!
Бугун мамлакатимизда ёш авлоднинг замонавий таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Қарши шаҳрида ҳам фарзандларимизнинг билимли, соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилмоқда.
Биз ёшларимизнинг илм олиши, спортда ютуқларга эришиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этмоқдамиз. Чунки ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг таянчи, келажагимиз эгаларидир.
Бироқ бугун жамиятимиз ва айниқса ёшлар ҳаётига жиддий хавф солаётган бир иллат борки, унга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз шарт. Бу — гиёҳвандлик, айниқса синтетик наркотиклар балосидир.
Афсуски, ушбу заҳарли моддалар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали яширин тарзда тарқатилиб, содда ва ишонувчан ёшларни ўз домига тортмоқда. Гиёҳвандлик — бу шунчаки зарарли одат эмас. У оилаларни пароканда қиладиган, ёш умрларни барбод этадиган, инсоннинг соғлиғи, келажаги ва орзуларини йўққа чиқарадиган оғир иллатдир.
Шу сабабли Қарши шаҳрида гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларимизни бу балодан асраш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда ва бу борада умумхалқ бирдамлиги ниҳоятда муҳимдир.
Ҳурматли ота-оналар ва маҳалла фаоллари!
Фарзандларингизга меҳр ва эътибор беринг. Уларнинг қалбига йўл топинг, дардини тингланг, дўст бўлинг. Меҳр ва назоратни ҳис қилган бола ёт таъсирларга берилмайди.
Фарзандларингизнинг интернетдан фойдаланиши ва ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига бефарқ бўлманг. Уларнинг кимлар билан мулоқот қилаётгани, қандай гуруҳ ва каналларга аъзо эканидан хабардор бўлинг.
Маҳалла ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз зарур. Кўча ва маҳаллаларда шубҳали ҳолатлар ёки номаълум шахсларни сезсангиз, дарҳол тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беринг. Сизнинг ҳушёрлигингиз бир неча оилани оғир фожиадан асраб қолиши мумкин.
Азиз ёшлар!
Қарши шаҳри — имкониятлар, илм-фан ва спорт маскани. Сизлар учун барча эшиклар очиқ. Ўз олдингизга катта мақсадлар қўйинг, билим олинг, спорт билан шуғулланинг, ота-онангиз ва Ватанимиз ишончини оқланг.
Интернетдаги «осон ва тез даромад» ваъда қилувчи шубҳали таклифларга алданманг. Бир лаҳзалик қизиқиш ёки нотўғри танлов бутун умрингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутманг.
Ҳақиқий куч — бу зарарли одатларга қарши тура олишда, қатъий ирода ва тўғри танлов қила билишдадир.
Азиз юртдошлар!
Ёшларни асраш — фақат ҳокимлик ёки ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир ота-она, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчидир.
Келинг, фарзандларимизнинг соғлом ва порлоқ келажаги, шаҳримиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида бирлашайлик!
