Қарши шаҳри делегацияси Боку форумида йирик инвестицион келишувларга эришди
2026-05-19 19:05:00 / Янгиликлар

World Urban Forum доирасида Боку шаҳрида иштирок этаётган Қарши шаҳри делегацияси халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича қатор самарали учрашувлар ўтказмоқда. Делегацияга Қарши шаҳар ҳокими Н. Холбоев бошчилик қилмоқда.Forum доирасида Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларининг йирик компаниялари вакиллари билан қурилиш саноатини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.Таъкидланишича, мазкур музокаралар Қарши шаҳрининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.Шунингдек, гигиена воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳамда маҳсулотларини дунёнинг 96 та давлатига экспорт қилаётган "Предо" компанияси раҳбарияти билан ҳам муҳим инвестицион келишув имзоланди.Келишувга кўра, Қарши шаҳрида замонавий ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида гигиена воситалари, суюқ совун, кир ювиш кукунлари, нам салфеткалар, шампунлар ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.Янги корхона ишга туширилиши натижасида ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда юзлаб янги иш ўринларини яратиш имконияти юзага келади.









