ҚАРШИ ШАҲРИ ПРОКУРОРИ СОБИРЖОН ТЕМИРОВНИНГ ШАҲАР АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ
2026-05-06 10:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли шаҳримиз аҳолиси!
Муҳтарам Президентимиз бошчилигида юртимиз тараққиёти янги босқичга кўтарилиб, унинг дастлабки самаралари бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида мамлакатимиз халқаро жиноятчилик индексида Марказий Осиё давлатлари орасида энг хавфсиз мамлакат сифатида эътироф этилди.
Айниқса, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамиятда, ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилган вазифа бўлиб қолмай, балки барчамизнинг умумий бурчимиз экани алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Зеро, тинчлик ва хавфсизлик ҳукмрон бўлган жамиятдагина барқарор тараққиёт таъминланади. Бундай юртнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб, инвесторлар ва ҳамкорларнинг ишончи мустаҳкамланади.
Шу боис, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш нафақат шарафли бурчимиз, балки юксак масъулият талаб этувчи муҳим вазифадир.
Давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги криминоген вазиятни доимий эътиборда тутиб, йил бошида қабул қилинган илк қарорлардан бирини айнан ушбу долзарб масалага бағишлади.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан:
⏺ҳар бир маҳалланинг криминоген вазиятидан келиб чиққан ҳолда “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда;
⏺148 та кузатув камераси, 140 та домофон тизими ва 115 та “ташвиш тугмаси” ўрнатилди;
⏺2,4 мингдан ортиқ объектлар техник қўриқловга олинди;
⏺81 та “намунали хавфсиз кўча” ва 145 та “намунали хавфсиз йўлак” ташкил этилди;
⏺115 та кўчага замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилди;
⏺криминоген вазияти мураккаб бўлган 20 та маҳаллага масъуллар бириктирилди;
⏺профилактика инспекторлари хулосалари асосида 1000 дан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, қарор ижроси доирасида:
⏺21 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий чоралар кўрилди;
⏺ваколатли органларга 30 та тақдимнома киритилди;
⏺122 нафар шахсга расмий огоҳлантирув берилди;
⏺88 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиши таъминланди.
Ҳурматли фуқаролар!
Жиноятчиликка қарши курашишда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Жиноятнинг олдини олиш уни содир этилгандан кейин фош этишдан кўра анча самаралидир.
Сизнинг огоҳлигингиз, фаол фуқаролик позициянгиз ва бефарқ эмаслигингиз жамиятимизда хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.
Агар сиз шубҳали ҳолатларга дуч келсангиз ёки жиноят ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали шаҳримизда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлашга эришамиз.
