ШАҲАР ҲОКИМИ ВА ЁШЛАР МУЛОҚОТИ
2026-04-16 15:35:00 / Янгиликлар

Қарши давлат техника университети Иқтисодиёт ва бошқарув факультети фаоллар залида “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Қарши шаҳар ҳокими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев, шаҳар прокурори Собиржон Темиров, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Фарруҳ Иброҳимов, шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи Аъзам Ҳамидов ҳамда ректор Шерзод Неъматов мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва хорижий тилларни ўрганиши учун яратилаётган имкониятларни алоҳида эътироф этдилар.
Шунингдек, талабалар бандлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича фикрлар алмашилди.
Мулоқот давомида ёшлар дуал таълимни ривожлантириш, амалиётларни ҳокимлик тизими ва нуфузли корхоналарда ўтказиш, Қарши шаҳрида шахмат бўйича халқаро турнирларни кўпроқ ташкил этиш, агротуризмни йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Муҳим стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди. Ёшларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги қўллаб-қувватланиб, бундай мулоқотларни мунтазам равишда ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбирда ёш олимлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий изланишлари натижалари ҳамда ҳунармандчилик тўгарагида тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил қилинди.









