ТАРАҚҚИЁТ МАҲАЛЛАСИДА КЕНГ КЎЛАМЛИ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
2026-04-09 21:00:00 / Янгиликлар

Ёшлар куни муносабати билан Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев “Тараққиёт” маҳалласида жойлашган 51-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар ҳамда педагоглар билан учрашди. Мулоқот давомида уларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.
Шунингдек, ҳоким таълим муассасасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Тадбирда шаҳар прокурори Собиржон Темиров ҳамда Ички ишлар бўлими бошлиғи Фаррух Ибрагимов иштирок этди.
Маълумот учун, ўтган йили мазкур мактабда 9 миллиард 387 миллион сўм маблағ эвазига 330 ўринли янги ўқув биноси, спорт зали, стадион, ошхона, кутубхона, 60 ўринли фаоллар зали ҳамда замонавий компьютер хонаси қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда ушбу таълим маскани маҳалла ёшларининг сифатли таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Учрашув якунида масъуллар томонидан тўгараклар фаолиятини янада ривожлантириш, ёшларни китобхонлик ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Шу куни “Тараққиёт” маҳалласида 210 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Мазкур боғча “Менинг боғчам” лойиҳаси доирасида 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилиб, 210 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга.
Боғчанинг тантанали очилиш маросимида Қарши шаҳри ҳокими, шаҳар прокурори, Ички ишлар бўлими бошлиғи, маҳалла фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар мактабгача таълим ташкилотида яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳудудда илгари давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас эди. Янги боғчанинг ишга туширилиши маҳалла аҳолиси, айниқса ёш оилалар учун муҳим қулайлик яратди.
Шунингдек, маҳалла аҳолиси учун яна бир муҳим янгилик — марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилди. 2022 йилда Арабхона маҳалласидан ажралиб чиққан ҳудудда бугунги кунда 4318 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида давлат бюджетидан жами 7 миллиард 943 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Лойиҳа доирасида 1096 та хонадонга сув етказиш учун 36,7 километр ички тармоқлар тортилиб, замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилди. Шунингдек, захира сув йиғиш иншооти барпо этилиб, марказий тармоққа уланди.
Натижада узоқ йиллик муаммо ўз ечимини топиб, хонадонларга ичимлик суви етказиб бериш бошланди ва бу маҳалла аҳолисига катта қувонч бағишлади. Қарши шаҳри масъуллари ҳам ҳудудни айланиб, аҳолининг ушбу қувончига шерик бўлдилар.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сонли қарорига мувофиқ, “Тараққиёт” маҳалласи инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида 3 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Мазкур қарор ижроси доирасида муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш ҳамда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади.
Хусусан: ▪️1 дона 250 кВА қувватга эга қўшимча трансформатор ўрнатиш; ▪️41 дона эскирган устунларни янгилаш; ▪️1,2 км узунликдаги 0,4 кВ ҳаво электр тармоғини қуриш; ▪️1,5 км тупроқ йўлларни шағаллаштириш; ▪️3,5 км йўлларни асфалтлаштириш; ▪️1,7 км пиёдалар йўлаклари қуриш ва 50 дона қуёш панелли ёритиш чироқлари ўрнатиш; ▪️1 дона артезиан қудуғи қазиш ҳамда 700 метр сув тармоғи тортиш; ▪️2,5 км газ тармоғини тартибга келтириш; ▪️6 дона ГРП ни демонтаж қилиш ва 223 та хонадонни 2 босқичли газ тизимига ўтказиш режалаштирилган.
Бугун Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев янги боғчанинг очилиш маросимида иштирок этиб, жамоатчиликка ушбу йўналишда амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.








