Қарши шаҳри “Шайхали” маҳалласида инфратузилма янада яхшиланади
2026-04-06 21:15:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрининг “Шайхали” маҳалласида “оғир” маҳаллаларни ривожлантириш дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Мазкур лойиҳа учун жами 3 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳудудда қуйидаги ишлар бажарилади: 3 километр электр тармоғи тортилади, 1 дона трансформатор ўрнатилади, 20 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади. Шунингдек, 1 дона артезиан қудуғи қазилиб, насос ўрнатилади, 1 километр суғориш тармоғи тортилади. Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 1 километр пиёдалар йўлакчаси барпо этилиб, 3,8 километр ички йўллар асфальт қилинади.
Бугун Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев “Шайхали” шаҳарча фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудуддаги мавжуд ҳолатни ўрганди. Ўрганиш давомида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан тақдимот ҳам ўтказилди.
Бундан ташқари, маҳалладаги бўш турган биноларда давлат-хусусий шериклик асосида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда спорт майдончаларини қуриш режалаштирилмоқда.
Ўрганишлар давомида шаҳар ҳокими кўп қаватли уйлар аҳолиси билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.






