Қаршида Ёшлар куни доирасида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилди
2026-03-06 20:45:00 / Янгиликлар

Ёшлар куни муносабати билан Қарши шаҳрида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида қатор тадбирлар ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев, шаҳар прокурори Собиржон Темиров, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Фаррух Ибрагимов ҳамда банд бўлмаган ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирлар доирасида ёшлар Қарши шаҳридаги “Қавали” ва “Буюк Турон” саноат зоналарида фаолият юритаётган корхоналар билан яқиндан танишдилар. Улар ишлаб чиқариш ҳудудларини кўздан кечириб, корхоналардаги технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда ишчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Шунингдек, ёшларга мавжуд иш ўринлари, ишлаш шартлари ва талаблар ҳақида маълумот берилди. Иш тажрибаси бўлмаган ёшлар учун ҳам корхоналар томонидан ойлик маош тўланган ҳолда ҳунар ўргатиш тизими йўлга қўйилгани таъкидланди. Учрашув давомида “АЛП TEXNO SERVIS” телевизор ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари 3 нафар ёшни ишга қабул қилди.
Ёшлар учун яна бир муҳим имконият сифатида Қарши шаҳар 3-сон техникумида яратилган шароитлар билан ҳам таништирилди. Бу ерда ёшлар касб-ҳунар эгаллаш билан бирга немис тилини ўрганиш имкониятига эга. Маълум қилинишича, касб-ҳунар эгаллаб, немис тилидан Б2 даражадаги сертификатни қўлга киритган ёшлар кейинчалик Германияда ишлаш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, техникумда касб-ҳунар ва немис тилини ўрганиш ёшларнинг қизиқишига кўра бепул ташкил этилиши ҳам қайд этилди.
Тадбирлар доирасида Қарши шаҳрида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди. Унда 20 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, ёшлар учун 1000 дан ортиқ бўш иш ўринлари тақдим этилди. Ёшлар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, иш шароитлари ва меҳнат ҳақи ҳақида маълумот олдилар.
Шунингдек, ёшлар билан очиқ мулоқот ҳам ташкил этилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Раҳбарлар ёшларни билим олишга, касб-ҳунар эгаллашга ҳамда яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирдилар. Учрашув якунида ёшлар томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар тегишли мутасаддилар томонидан ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилиши таъкидланди.









