Польшада Қашқадарё вилоятининг инвестицион салоҳияти тақдим этилди
2026-02-25 22:10:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри ҳокимининг ўринбосари З.Қораев бошчилигидаги делегация Польша Республикасининг Қуйи Силезия воеводлигига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида делегация Палос Марко — Қуйи Силезия воеводлиги маршали ўринбосари билан учрашув ўтказди. Музокаралар чоғида ҳудудлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация Қуйи Силезия воеводлиги Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
“Қуйи Силезия – Қашқадарё” бизнес форуми доирасида польшалик тадбиркорларга Қашқадарё вилоятининг инвестицион салоҳияти, мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда истиқболли лойиҳалари тақдим этилди.
Маълумот учун, Польша Европа минтақасининг йирик давлатларидан бири бўлиб, мамлакат ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Европа давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Польша савдо ҳажмининг муҳим улуши Қуйи Силезия воеводлиги ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, Қуйи Силезияда фаолият юритувчи Soda Pluss Sp. o.o. компанияси билан Қашқадарё вилояти ҳудудида музлаткич, чангюткич ва дазмол каби маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувлар муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф икки ҳудуд ўртасида узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.






