Қарши шаҳри делегацияси Латвия Республикасида
2026-02-24 09:00:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри ҳокимининг ўринбосари З.Қораев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ва Европа ўртасидаги муҳим логистика ҳамда савдо кўприги ҳисобланган Латвия Республикасида бўлиб турибди. Мазкур ташрифнинг асосий мақсади – икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Қашқадарё вилояти саноат салоҳиятини Европа бозорларида кенг тарғиб қилиш ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишдан иборат.
Ташриф доирасида Қарши шаҳри ҳокимлиги ҳамда Латвияда фаолият юритувчи "Латвия-Ўзбекистон савдо уйи” раҳбари Владимир Галперин ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни тизимли равишда ривожлантириш, Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулотларни Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш, экспорт логистикасини такомиллаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Латвия Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда кенг қамровли бизнес-форум ташкил этилди. Форум доирасида Қашқадарё вилоятининг инвестициявий муҳити, хомашё базаси, саноат зоналари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда экспорт имкониятлари ҳақида атрофлича тақдимот ўтказилди. Тадбирда электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва кимё саноати соҳаларида фаолият юритувчи қатор латвиялик тадбиркорлар иштирок этди. Латвиялик тадбиркорлар билан B2B форматда самарали музокаралар олиб борилди.
Ташриф якунлари бўйича Латвиянинг бир қатор етакчи компаниялари ва тадбиркорлари Қашқадарё вилоятига таклиф этилди. Жорий йилнинг 6 март куни уларнинг вилоятга амалий ташрифи режалаштирилган бўлиб, ишлаб чиқариш майдонлари ва инвестиция лойиҳалари билан жойида танишиш кўзда тутилган.
Шунингдек, бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналарига хам ташриф буюрилди. Жумладан, Латвиянинг “Karavela SIA” балиқ консервалари ишлаб чиқариш корхонаси билан Қашқадарё вилояти, Сечанкўл ҳавзаси ҳудудида балиқ маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Маълумки, ушбу корхона маҳсулотлари Европа бозорида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди ва Ўзбекистон Республикасига ҳам катта ҳажмда импорт қилинади.
Шунингдек, Латвиянинг “Rīgas laku un krāsu rūpnīca” корхонаси билан Қашқадарё вилоятида замонавий лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди. Ушбу корхона 70 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради ва Европа стандартлари асосида фаолият юритади. Ички ва ташқи фасадлар учун мўлжалланган юқори сифатли маҳсулотларни маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.
Ташриф доирасида Латвиядаги “Латвия-Ўзбекистон савдо уйи" майдонида “Made in Uzbekistan” кўргазмаси ташкил этилди. Унда Қашқадарё вилоятида етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган 60 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар намойиш этилди. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, саноат ва қурилиш маҳсулотлари Европа бозори талабларига мос равишда тақдим қилинди.
Ушбу амалий ташриф натижасида Қашқадарё вилояти саноат маҳсулотларини Латвия орқали Европа бозорларига экспорт қилиш бўйича янги имкониятлар яратилди. Мазкур ҳамкорлик Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳрининг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.









