Ҳоким ва ёшлар учрашуви
2026-02-05 15:40:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” доирасида навбатдаги мулоқот ташкил этилди. Унда Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ишсиз ёшлар билан бевосита учрашиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш ва ечимлар белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда шаҳар прокурори, Миграция агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий филиали раҳбари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари ҳамда иш берувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касбга йўналтириш ва меҳнат бозорига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Миграция агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий филиали раҳбари томонидан хорижда ишлаш истагида бўлган ёшлар учун Германия, Япония, Корея каби давлатларда мавжуд бўлган кафолатланган иш ўринлари, меҳнат шартлари ҳамда хорижий тилларни ўрганиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Қарши шаҳар касбий кўникмалар марказида ёшлар учун замонавий, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқув курслари ташкил этилгани таъкидланди. Машғулотлар тажрибали мутахассислар томонидан назария ва амалиёт уйғунлигида, замонавий техника ва жиҳозлар билан жиҳозланган ўқув хоналарида олиб борилиши қайд этилди.
Учрашувда Қарши шаҳрининг ўзида ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Иш берувчи корхоналар вакиллари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари, касб ўрганиш имкониятлари ҳамда ойлик иш ҳақлари тўғрисида ёшларга батафсил маълумот берилди.
Учрашув давомида 221 нафар ишсиз ёшлар тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига бириктирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли ва аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мазкур вазифалар ижроси масъулларнинг доимий назоратига олинди.









