Қарши шаҳар бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Ибрагимов Фаррух Фарҳодовичнинг шаҳар аҳолисига М У Р О Ж А А Т И
2026-02-02 15:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Қарши шаҳар бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Ибрагимов Фаррух Фарҳодовичнинг шаҳар аҳолисига
М У Р О Ж А А Т И
Қадрли ҳамшаҳарлар!
Ҳурматли воҳадошлар!
Барчамизга яхши маълумки, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад — ички ишлар органларини жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш йўлида садоқат билан хизмат қиладиган, халқчил ва профессионал тузилмага айлантиришдан иборат.
Бугунги кунда дунё миқёсида ахборот технологияларининг жадал ривожланиши, XXI асрнинг ахборот асри сифатида эътироф этилиши инсонлар ҳаётини енгиллаштиргани билан бирга, уларнинг шахсий маълумотлари ва молиявий хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг ҳам ортишига сабаб бўлмоқда. Электрон тўлов тизимлари ва пластик карталардан фойдаланиш қулайлиги ошгани сари, ушбу соҳаларда содир этилаётган ҳужумлар сони ҳам кўпаймоқда. Мазкур хавф-хатарларнинг олдини олиш эса киберхавфсизлик орқали таъминланади.
Айни вақтда кибермаконда содир этилаётган жиноятлар сони сезиларли даражада ошиб бормоқда. Ушбу жиноятларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар масофадан туриб содир этилади, жабрланувчи жиноятни бевосита кўрмайди ва бунда инсон ҳаётига эмас, балки унинг шахсий ва молиявий маълумотларига тажовуз қилинади. Шу боис, бундай жиноятларга қарши курашиш самарали ва замонавий ёндашувни талаб этади.
Қарши шаҳрида яшовчи фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилинганда, айрим фуқароларнинг Telegram ижтимоий тармоғи орқали тарқатилаётган “бу сенинг фотосуратларинг.апк” номли зарарли иловани телефон қурилмаларига юклаб олиши оқибатида пластик карталаридаги пул маблағлари ечиб олинаётганлиги аниқланмоқда. Шунингдек, “уйда ўтириб трейдинг орқали осон пул топишингиз мумкин” мазмунидаги ёлғон ваъда ва рекламаларга ишониб, ўз маблағларини фирибгарларга топшириб, алданган ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Жиноятчиликнинг олдини олишда барчамиз бирдек масъулмиз. Шу сабабли, шаҳримизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга ўз ҳиссангизни қўшишингизни, мол-мулкингизга бефарқ бўлмаслигингизни, шахсингизга оид маълумотлар ҳамда банк картангиз реквизитларини бегона шахсларга бермаслигингизни, уй-жой ва автомашина олди-сотдисида ҳушёр бўлишингизни, фарзандларингиз тарбиясига эътиборли бўлишингизни сўраб қоламан.
Ҳар қандай жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларида зудлик билан ҳудудий профилактика инспекторига ёки вилоят Ички ишлар бошқармасининг қисқа «102» ва «112» рақамларига мурожаат қилишингизни тавсия этаман.
Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари ходимларининг шарафли бурчидир. Халқ манфаатларига хизмат қилиш соҳа вакилларининг асосий шиори бўлиб қолади.
Қадрли ватандошлар, мамлакатимизда тинч ва осойишта ҳаётни янада мустаҳкамлаш, маҳаллаларимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш йўлида ягона куч бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилайлик!
