Қарши шаҳри ҳокими Жанубий Корея компанияси вакиллари билан онлайн мулоқот ўтказди
2026-01-23 15:25:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев Жанубий Кореянинг “Ҳаппй Local Development Foundation” жамоат фонди раиси Мун Ҳён билан онлайн учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар Қарши шаҳри ва Жанубий Корея ҳудудлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, Корея тажрибаси ва технологиялари асосида замонавий, энергия тежамкор иссиқхоналар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашувда расмий миграция йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, Қарши шаҳри фуқароларини Жанубий Корея давлатига мавсумий ва доимий иш ўринларига юбориш, бу борада зарур ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Онлайн мулоқот якунида томонлар келгусида ҳамкорликни изчил давом эттириш, аниқ лойиҳалар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.






