Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди
2026-01-05 09:55:00 / Янгиликлар

Сессияда шаҳар Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ташкилотлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессияни шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев олиб борди.
Кун тартибида Қарши шаҳрининг 2026-йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу борада шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нурбек Турдиев ахборот берди.
Шунингдек, сессияда Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши раисини сайлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддасида Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан сайланган раис бошчилик қилиши белгиланган. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида Кенгаш раиси бўлиши мумкин эмаслиги қатъий кўрсатиб қўйилган.
Конституциянинг ўтиш қоидаларига мувофиқ, 2024 йилда илк маротаба Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг биринчи ташкилий сессияларида депутатлар орасидан Кенгаш раислари сайлаб олинган эди. Ушбу амалиёт 2026 йил 1 январдан бошлаб барча туман ва шаҳар Кенгашларига татбиқ этилиши белгиланган.
Қонунчиликка кўра, Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши раиси лавозимига номзодларни тавсия этиш учун сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи ташкил этилди. Тавсия этилган номзодлар бўйича овоз бериш натижасида, Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши раислигига шаҳар депутатлари орасидан 16-Мустақиллик сайлов округидан депутат Халимов Муродулло Зиёдуллаевич сайланди.









