КОРРУПЦИЯВИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
2026-01-05 09:40:00 / Янгиликлар

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қаторида, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш белгиланган. Бу ўз навбатида, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар турларини ажратиш ва уларни содир этилиши учун жавобгарликнинг белгилашни тақозо этди.
ЭЪТИБОР ҚАРАТИНГ!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 829-сонли қарори билан иловага мувофиқ тасдиқланган Низомда коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва коррупцияга оид жиноятлар рўйхати келтирилди.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ижтимоий хавфлилигига мезонига кўра ажратилади. Шунда, ижтимоий хавфлилик мезони қилмишнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва унинг даражасида ўз ифодасини топади.
Чунончи, ижтимоий хавфлилик хусусияти – алоҳида олинган қилмишнинг ижтимоий ҳолати бўлиб, муайян ижтимоий муносабатларни қамраб олади ва ушбу ижтимоий муносабатларга қарши қаратилган тажовузлар, зарарнинг таркиби, жойи, қадриятлар тизимида тутган ўрни, айб шакли билан боғлиқ бўлади. Ижтимоий хавфлилик даражаси эса қилмишнинг миқдор кўрсаткичини акс эттириб, зарарнинг ҳажми, шунингдек, жиноят содир этилган жой, вақт, вазият, усул ва бошқа ҳолатлар билан белгиланади. Ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда айбдорнинг шахси ва иш ҳолатларини, жавобгарликни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиш ҳақидаги индивидуал ёндашувни ўз ичига олган қонун талабларига сўзсиз риоя қилишлари керак.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар қуйидагиларга ажратилади:
1) маъмурий ҳуқуқбузарликлар;
2) жиноятлар.
Бунда, маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонунчиликка биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади (МЖтК 10 моддаси).
Жиноят кодекси билан тақиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади (ЖК 14-моддаси).
Таъкидланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сонли қарори билан иловага мувофиқ тасдиқланган Низомга мувофиқ, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликларга қуйидагилар киради:
нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (МЖтК 611-модда);
давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (МЖтК 1931-модда);
давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (МЖтК 1932 модда).
Коррупцияга оид жиноятларга қуйидагилар киради:
ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167 модда 2-қисми “г”-банди);
фирибгарлик (ЖК 168-модда учинчи қисми «в” банди);
тижоратда пора эвазига оғдириб олиш (ЖК 1929 –модда);
нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (ЖК 19210-модда);
ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 205 модда);
мансаб сохтакорлиги (ЖК 209-модда);
пора олиш (ЖК 210-модда);
пора бериш (ЖК 211-модда);
пора олиш-беришда воситачилик қилиш (ЖК 212-модда);
давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (ЖК 214 модда).
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖК 243 модда);
ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги (ЖК 301-модда).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сонли қарори билан иловага мувофиқ тасдиқланган Низомга асосан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш (бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға) тартиби белгиланди.
Бинобарин, мазкур низомда таъкидланганидек, шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармоннинг 6-бандига асосан, қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш белгиланди:
- Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;
- коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
- даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
- коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш.
