Республика шаҳар ҳокимлари Қарши тажрибаси билан танишди
2025-12-22 20:50:00 / Янгиликлар

Президентимиз раҳбарлигида Қарши шаҳрини комплекс ривожлантириш, уни замонавий саноат, маданият ва туризм марказига айлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳудудга жалб этилаётган хорижий инвестициялар, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда инфратузилманинг тубдан янгиланиши шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари топшириқларига асосан, республикамизнинг 30 нафар шаҳар ҳокимлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, Қарши шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва илғор тажриба билан яқиндан танишдилар.
Ташриф доирасида меҳмонлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, инвестиция, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва маданият соҳаларида эришилаётган натижалар билан танишдилар.
Дастлаб меҳмонлар Қарши туманида жойлашган Абу Муин Насафий тарихий мажмуасига ташриф буюриб, мотуридия таълимотининг йирик намояндаларидан бири, улуғ аллома Абу Муин Насафий қадамжосини зиёрат қилдилар. Бу ерда ташкил этилган музей фаолияти ҳамда алломанинг бой маънавий мероси ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг делегация Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “АЛП TEXNO SERVIS ” корхонасининг телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа доирасида корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 450 минг донани ташкил этади. Жорий йилда 12 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ишлаб чиқариш қувватлари, технологик линиялар ва маҳсулот сифати меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Меҳмонлар шунингдек, ун маҳсулотлари ҳамда ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Асиан Golden Oil” МЧЖ кўп тармоқли замонавий корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд қувватлар ва келгусидаги режалар билан танишдилар.
Қарши шаҳрида “Султон Golden House” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган умумий қиймати 19,2 миллион АҚШ доллари бўлган турар жой мажмуаси лойиҳаси ҳам кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасида 800 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар жой бинолари, кўнгилочар дам олиш маскани ҳамда ер ости автотураргоҳи барпо этилмоқда.
Шунингдек, меҳмонлар Қарши шаҳри касбий кўникмалар маркази фаолияти билан танишдилар. Марказда 32 та йўналиш бўйича ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, йилига 2 790 нафар фуқарони касбга тайёрлаш имконияти мавжуд.
Делегация Қарши давлат университетига ҳам ташриф буюриб, замонавий Ёшлар маркази, янги ўқув бинолари, хорижий тиллар ўқитиш учун яратилган шароитлар, синхрон таржима маркази, лингофон хоналари, маъруза заллари ҳамда медиа марказ фаолияти билан танишди.
Шу билан бирга, “Қатағон қурбонлари” музейи, “Рогузар” маҳалласи еттилиги фаолияти ҳамда Қарши шаҳар 3-оилавий поликлиникасида рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган ютуқлар, аҳолига кўрсатилаётган замонавий тиббий хизматлар билан танишилди.
Ташриф давомида Қарши шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва комплекс ривожланиш тажрибаси юқори баҳоланди.









