Қарши шаҳрида замонавий савдо ва кўнгилочар маскан фойдаланишга топширилди
2025-12-22 20:50:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида “Sulton Golden House” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган, умумий қиймати 19,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Sulton Saroy” турар жой мажмуаси лойиҳаси доирасида янги иншоотлар фойдаланишга топширилди.
Мазкур лойиҳа асосида 678 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар жой бинолари, аҳоли учун қулай замонавий кўнгилочар дам олиш маскани ҳамда 240 ўринли ер ости автотураргоҳи барпо этилмоқда.
Янги йил байрами арафасида мажмуанинг биринчи қаватида жойлашган замонавий супермаркет, шунингдек, сартарошхона, дорихона, стоматология ва кийимларни кимёвий тозалаш хизмати ўз фаолиятини бошлади. Бинонинг иккинчи қаватида эса болажонлар учун энг замонавий талабларга жавоб берадиган болалар ўйингоҳининг очилиши бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросими байрамона руҳда ўтиб, чиройли безатилган Янги йил арчаси атрофида ташкил этилган концерт дастури билан давом этди. Концерт дастурида таниқли эстрада хонандалари Ойбек ва Нигора ўз ижролари билан тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашдилар.









