АГЕНТЛИК ХАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 ноябрдаги «Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–224–сонли Фармонига мувофиқ, Аграр соҳада тўловлар агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ–овқат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан молиявий қўллаб–қувватлаш чораларини амалга оширишга масъул ҳисобланади.
Умумий маълумот
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги қишлоқ хўжалиги ва озиқ–овқат соҳаларида субсидиялар ажратиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш соҳасида фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
Агентлик ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳисобот беради.
Агентликнинг асосий вазифалари
Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ–овқат соҳаларидаги хўжалик юритувчи субъектларни давлат томонидан қўллаб–қувватлаш чораларининг тизимли амалга оширилишини ташкил қилиш.
– Давлат томонидан ажратилаётган субсидияларнинг самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, уларнинг ижросини мониторинг ва таҳлил қилиш, натижадорлигини ошириш ёки самара бермаётган чораларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
– Қишлоқ хўжалиги ва озиқ–овқат соҳаларини ривожлантиришга қаратилган давлат томонидан қўллаб–қувватлаш чораларининг янги турларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
– Давлат томонидан қўллаб–қувватлаш чораларининг бир туридан иқтисод қилинган маблағларни бошқа турларига қайта тақсимлаш бўйича таклифлар киритиш.
– Давлат томонидан қўллаб–қувватлаш чораларини амалга оширишда аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, маъқуллаш ва тўлов жараёнигача бўлган барча босқичларни тўлиқ рақамлаштириш.
– Хорижий давлатларнинг аграр соҳани қўллаб–қувватлаш бўйича тажрибасини ўрганиш ҳамда уни республикада жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
Агентлик фаолиятини тартибга солувчи асосий норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 ноябрдаги ПФ–224–сон Фармони — «Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида».
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 206–сон қарори — «Аграр ва озиқ–овқат соҳаларини давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида». Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ–овқат соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратиш тартибини белгиловчи низомлар тасдиқланган.
Ушбу норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар Агентликнинг фаолияти, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда субсидиялар ажратиш тартибининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
