«Одил судлов – 2030»: Суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича фармон
2026-09-22 10:50:00 / Янгиликлар

«Одил судлов – 2030»: Суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича фармон
Президент Фармони билан “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясини 2026–2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланиб, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси доирасида эришиладиган асосий мақсадлар белгиланган.
Маълумот учун: Стратегия 57 та вазифа, 2026−2028 йилларга мўлжалланган 160 та чора-тадбир ва 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 33 та мақсадни қамраб олади. Унга кўра, 2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланиб қолади, тафтиш инстанциясининг ваколатлари эса ҳудудлараро судларга берилади.
“Одил судлов–2030” стратегиясининг олтита устуни:
“Халқчил суд” – судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш. “Халқчил суд” концепциясининг марказида ахолининг судга бўлган ишонч масаласи туради. Суд тизимининг халқчиллиги – фуқаро судга мурожаат қилганда унинг шикояти холисона ўз муддатида кўриб чиқилиши, процессуал ҳуқуқлари таъминланиши, суд қарорининг тушунарли ва асосланган бўлиши, бузилган ҳуқуқларни амалда тикланиши билан ўлчанади. Шу сабабли судга ишончни оширишни алоҳида социологик кўрсаткич эмас, балки суд адолатининг ижтимоий легитимлигини ифодаловчи муҳим мезон сифатида қараш лозим.
“Адолат қўрғони” – инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш. Суд мустақиллиги — стратегиянинг институционал пойдеворидир. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги нафақат унинг бошқа давлат органларидан ташкилий жиҳатдан мустақиллиги, балки судьянинг қарор қабул қилиш жараёнида маъмурий, сиёсий, иқтисодий ёки бошқа ташқи таъсирлардан ҳимояланган бўлишини ҳам англатади. Шу нуқтаи назардан, “Адолат қўрғони” концепцияси суд ҳокимиятининг ички ва ташқи мустақиллигини бир вақтда таъминлашни талаб қилади. Бунда судьяларни танлаш ва тайинлаш, уларнинг ижтимоий ҳимояси, интизомий жавобгарлиги, касбий баҳоланиши ва суд маъмурияти масалалари алоҳида аҳамият касб этади.
“Кафолатланган адолат” – қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш. Одил судловнинг энг муҳим натижаси — бузилган ҳуқуқнинг тикланишидир. Суд қарорининг қабул қилиниши одил судлов жараёнининг якуни эмас. Аксинча, ҳуқуқий нуқтаи назардан унинг энг муҳим натижаси қарорнинг амалда бажарилишидир.
Суд қарори ижроси таъминланмаса, фуқаронинг ҳуқуқи амалда тикланмайди. Шу нуқтаи назардан суд қарорлари ижросини такомиллаштириш “Одил судлов–2030” стратегиясининг алоҳида аҳамиятга эга қисми ҳисобланади. 2026 йилги Мурожаатномада ҳам мажбурий ижрони такомиллаштириш, муқобил механизмларни жорий этиш ва ижро жараёнига сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш вазифалари белгиланган. Хусусан, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизини инсон омилисиз амалга ошириш мақсади қайд этилган. Бу мақсад суд қарорларини ижро этилишини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ажралмас қисми сифатида қараш зарурлигини кўрсатади.
“Адолат посбонлари” – халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш. Суд ислоҳотларининг муваффақияти кўп жиҳатдан судья шахсига боғлиқ. Судья нафақат қонунни мукаммал билиши, балки мустақил фикрлаши, инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашиши, процесс иштирокчилари билан тўғри мулоқот қилиши, ахборот технологияларидан фойдалана олиши, коррупциявий хавфларга нисбатан муросасиз бўлиши лозим. Шу боис юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш лозим.
“Рақамли одил судлов” – суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш. Стратегиянинг энг инновацион жиҳатларидан бири — суд фаолиятини рақамлаштиришга комплекс ёндашувдир. Бу жараён электрон ҳужжат айланиши ёки онлайн суд мажлислари билан чекланмаслиги керак.
“Халқаро эътироф” – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш. Миллий суд тизимининг халқаро стандартларга уйғунлашуви замонавий суд ислоҳотининг муҳим мезони ҳисобланади. Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар, суд мустақиллиги принциплари, одил судловнинг умумэътироф этилган стандартлари ва хорижий давлатларнинг илғор суд амалиётини миллий ҳуқуқ тизимига жорий қилишда ҳуқуқий тизимни тарихий тараққиёт босқичларида шаклланиб келган миллий қонуниятларини инобатга олиш муҳимдир. Шунингдек суд ҳуқуқ соҳасини модернизация қилиш учун қабул стратегик ҳужжатлардан кўзланган мақсад ҳам мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги имиджини ошириб, халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришдир.
“Одил судлов–2030” стратегиясининг энг истиқболли йўналишларидан бири — “Рақамли одил судлов” дир.
Бу соҳада Европа Комиссияси тажрибаси айниқса эътиборга лойиқ.
Хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасини қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қиладиган бўлсак, жумладан Европа Комиссияси томонидан 2025 йил 20 ноябрь куни Брюсселда “Digital Justice 2030” дастури қабул қилинган.
Дастурнинг асосий мақсади — 2030 йилга қадар Европа Иттифоқига аъзо давлатларда суд-ҳуқуқ тизимини кенг кўламда рақамлаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш ва фуқароларнинг одил судловдан рақамли воситалар орқали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир. Ҳужжат рақамлаштиришни одил судлов тизимининг самарадорлиги, шаффофлиги ва қулайлигини оширишнинг муҳим омили сифатида белгилайди.
Эргашев Илхом Қулдошевич
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман
судининг тергов судьяси


